Солиққа оид қонун ҳужжатларини қўллашни такомиллаштириш йўлида
Жорий йилнинг 18 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда давлат ҳокимияти органлари, суд, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органларнинг масъул ходимлари, ҳуқуқшунос олимлар, Олий хўжалик суди судьялари, илмий маслаҳат кенгаши аъзолари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.
Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди раиси Д.Мирзакаримов бошқарган мажлисда мамлакатимизда юртбошимиз Ислом Каримов раҳнамолигида амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотларнинг бош йўналишларидан бири – бу солиқ юкини енгиллаштириш, солиққа тортиш тизимини соддалаштириш ва унификация қилиш бўйича хўжалик тузилмаларини қўллаб-қувватлашдан иборатлиги таъкидланди.
Демократик ҳуқуқий давлат қуриш ва фуқаролик жамиятини шакллантиришнинг муҳим таркибий қисми бўлган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари кейинги йилларда янада чуқурлаштирилди. Шундан келиб чиқиб, хўжалик судлари фаолиятида асосий эътибор қонунийлик ва адолатни таъминлаш, хўжалик юритувчи субъектларнинг ҳуқуқ ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилишни кучайтириш, қабул қилинган қонунларни амалиётга татбиқ этишдан келиб чиқадиган вазифаларни бажаришга қаратилмоқда.
Хусусан, ушбу Пленум мажлиси муҳокамасига киритилган “Хўжалик судлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодекси умумий қисмини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида”ги Пленум қарори лойиҳаси хўжалик судларига хўжалик юритувчи субъектлар ва давлат солиқ хизмати органлари ўртасидаги низоларни Солиқ кодекси ҳамда бошқа қонун ҳужжатларининг талабларига қатъий риоя қилган ҳолда ҳал этиш масалалари юзасидан аниқ тушунтиришлар бериш ҳамда мазкур масала бўйича суд амалиётида Кодекс нормаларини бир хилда ва тўғри қўллашга қаратилган.
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн иккинчи ялпи мажлисида солиқ сиёсати ва тизимини янада ислоҳ қилиш ҳамда эркинлаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги Солиқ кодекси маъқулланиб, Президентимиз томонидан имзоланганидан сўнг, 2008 йилнинг 1 январидан кучга кирган эди.
Солиқ кодексида кўзда тутилган меъёр ва қоидалар, аввало, солиқ тизими ва солиқ муносабатларини унификация қилиш, солиқ сиёсатини янада либераллаштириш, солиқ юкини камайтириш, солиққа тортиш тартибини соддалаштириш, мамлакатимиз иқтисодиётини барқарор ҳамда мутаносиб ривожлантиришда солиқларнинг рағбатлантирувчи ролини кучайтиришга, юртимизда ислоҳотларни амалга ошириш учун илғор замонавий солиқ солиш тизимига мос келадиган ва бюджетнинг даромад қисмининг шаклланишини барқарор равишда таъминлайдиган ҳамда иқтисодий ўсишга таъсирчан омил бўладиган самарали солиқ тизимини барпо этишга қаратилган.
Ўтган давр мобайнида республика хўжалик судларида хўжалик юритувчи субъектлар ҳамда давлат солиқ хизмати органлари ўртасида солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар ҳамда етказилган зарарни ундириш, давлат солиқ хизмати органлари қарорларини ҳақиқий эмас деб топиш ва инкассо топшириқномаларини ижро этилиши мумкин эмас деб топиш, хўжалик юритувчи субъектларга молиявий санкциялар қўллаш каби низолар ҳал этилган.
Статистик маълумотларга кўра, республика хўжалик судлари томонидан 2009 йилда солиққа оид қонун ҳужжатлари билан боғлиқ 113 мингдан ортиқ (2008 йил – 97 мингдан ортиқ) ишлар кўрилиб, мазмунан ҳал этилган бўлса, жорий йилнинг ўтган уч ойи мобайнида мазкур соҳа билан боғлиқ 35 мингга яқин ишлар кўриб чиқилиб, ҳал этилган.
Пленум мажлисида сўзга чиққанлар солиқларнинг мамлакат иқтисодиётини ривожлантиришда тутган ўрни, суд амалиётида шу соҳага оид қонун ҳужжатларини қўллашда юзага келаётган айрим масалалар, уларнинг ечими борасида баҳс ва мунозаралар юритдилар.
Пленум муҳокамасига киритилган қарор лойиҳасида хўжалик судларига давлат солиқ хизмати органлари иштирокидаги низоларни ҳал этишда Солиқ кодекси нормаларини аниқ ва бир хилда қўлланилишини таъминлашлари, ушбу тоифадаги ишларни кўришда моддий ва процессуал ҳуқуқ нормаларини турли хил талқин этиш ҳолатларига барҳам беришлари, суд қарорлари сифатини оширишга эришишлари, қонун ҳужжатларининг бузилишига олиб келувчи сабаблар ва шароитларга баҳо беришларига оид батафсил тушунтиришлар берилган.
Йиғилишда кўриб чиқилган масала бўйича қабул қилинган Пленум қарори, ҳеч шубҳасиз, тадбиркорлик фаолияти субъектларининг ҳуқуқ ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилишни мустаҳкамлаш, қонунийлик ва одил судловни таъминлашга хизмат қилади.
Ўзбекистон Республикаси
Олий хўжалик суди матбуот хизмати