Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик судида
Жорий йилнинг 19 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда давлат ҳокимияти органлари, суд, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органларнинг масъул ходимлари, ҳуқуқшунос олимлар, Олий хўжалик суди судьялари, илмий маслаҳат кенгаши аъзолари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.
Президентимиз ташаббуси ва бевосита раҳбарлигида мамлакатимизни демократик янгилаш, барқарор иқтисодий тараққиётни таъминлаш ва халқимиз турмуш фаровонлигини муттасил юксалтириб бориш йўлида изчиллик билан, босқичма-босқич амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар ўзининг юксак самараларини бериб келмоқда.
Давлатимиз раҳбари томонидан жорий йилнинг 12 ноябрида бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисидаги “Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси” мавзусида қилинган маърузада мамлакатимизнинг ўз олдига қўйган узоқ муддатли стратегик мақсадлар, яъни замонавий ривожланган мамлакатлар қаторига кириш, иқтисодиётимизни барқарор ўсишини таъминлаш, ҳаёт фаравонлигини яхшилаш ва жаҳон ҳамжамиятида муносиб ўринни эгаллаш борасидаги қилинган саъй-ҳаракатларга холисона баҳо бериб ўтилди.
Мазкур маърузада Президентимиз томонидан давлат аҳамиятига молик муҳим масалалар, хусусан давлат ҳокимияти ва бошқарувини демократлаштириш, суд-ҳуқуқ тизимини ва ахборот соҳасини ислоҳ қилиш, ахборот ва сўз эркинлигини, сайлов ҳуқуқи эркинлигини таъминлаш ва сайлов қонунчилигини ривожлантириш, демократик ва бозор ислоҳотларини ва иқтисодиётни либераллаштиришни янада чуқурлаштиришни энг муҳим устувор вазифалар сифатида белгиланганлигини, шунингдек, демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва иқтисодиётни либераллаштиришга қаратилган бир қатор қонунчилик ташаббуслари илгари сурилганлигини алоҳида эътироф этиш лозим.
Шундан келиб чиқиб, хўжалик судлари фаолиятида асосий эътибор қонунийлик ва адолатни таъминлаш, хўжалик юритувчи субъектларнинг ҳуқуқ ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилишни кучайтириш, қабул қилинган қонунларни амалиётга татбиқ этишдан келиб чиқадиган вазифаларни бажаришга қаратилмоқда.
Навбатдаги Пленум мажлиси муҳокамасига киритилган “Мулк ҳуқуқини тан олиш тўғрисидаги ишларни кўришда қонун ҳужжатларини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида”ги Пленум қарори лойиҳаси мазкур масала бўйича суд амалиётида юзага келаётган баъзи бир ноаниқликларни бартараф этишга қаратилган.
Хўжалик судлари томонидан 2009 йилда мулк ҳуқуқини тан олиш, юридик аҳамиятга эга бўлган фактларни аниқлаш билан боғлиқ 154 та иш кўрилган бўлиб, жорий йилнинг ўн ойи мобайнида бундай тоифадаги даъво аризалар ва аризаларнинг умумий сони 160 тани ташкил этган.
Қайд этилган масала юзасидан Пленум муҳокамасига киритилган қарор лойиҳасида хўжалик судларининг эътибори мазкур тоифадаги ишлар бўйича чиқарилаётган суд қарорларининг сифатини ошириш, қонун ҳужжатларининг бузилишига олиб келувчи сабаблар ва шароитларга баҳо бериш лозимлигига жалб қилинган.
Шунингдек, Пленум мажлисида “Хўжалик судлари томонидан молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаётган ва қонунчиликда белгиланган муддатларда ўзларининг устав фондларини шакллантирмаган корхоналарни тугатиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида”ги қарор лойиҳаси ҳам муҳокама қилинди.
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1999 йил 28 июндаги “Молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаётган ва қонунчиликда белгиланган муддатларда ўзларининг устав жамғармаларини шакллантирмаган корхоналарни тугатиш тартибини соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-2331-сонли Фармони ҳамда мазкур Фармоннинг ижросини таъминлаш борасида қабул қилинган Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 3 июлдаги “Молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаётган ва қонунчиликда белгиланган муддатларда ўзларининг устав жамғармаларини шакллантирмаган корхоналарни тугатиш тартиби тўғрисида”ги 327-сонли қарори молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаётган ва қонунчиликда белгиланган муддатларда ўзларининг устав жамғармаларини шакллантирмаган корхоналарни тугатишнинг асосий йўналишларини белгилаб берган.
Пленум қарори лойиҳасида корхоналарни тугатиш билан боғлиқ низоларни ҳал этиш мобайнида судлар томонидан инобатга олиниши лозим бўлган ҳолатлар, амалиётда учраётган хатоликлар, моддий ва процессуал ҳуқуқ нормаларини турли хил талқин этиш ҳолатларига барҳам бериш, суд қарорлари сифатини оширишга эришиш, қонун ҳужжатларининг бузилишига олиб келувчи сабаблар ва шароитларга баҳо бериш билан боғлиқ бўлган масалалар юзасидан батафсил тушунтиришлар берилган.
Пленум мажлисида сўзга чиққанлар кўриб чиқилаётган масалаларнинг мамлакат иқтисодиётини ривожлантиришда тутган ўрни, суд амалиётида шу соҳаларга оид қонун ҳужжатларини қўллашда юзага келаётган айрим муаммолар, уларнинг ечими борасида баҳс ва мунозаралар юритдилар.
Йиғилишда юқоридаги масалалар бўйича кўриб чиқилган ва қабул қилинган Пленум қарорлари тадбиркорлик фаолияти субъектларининг ҳуқуқ ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилишни мустаҳкамлаш, қонунийлик ва одил судловни таъминлашга хизмат қилади